Ўзбекистонда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Сўнгги йилларда бу йўналишдаги тадбиркорларни рағбатлантириш борасида бир қатор молиявий ва амалий механизмлар ишлаб чиқилган.
Шу билан бирга, оилавий тадбиркорликнинг оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни шакллантириш, ижтимоий муносабатларни мустаҳкамлашдаги ўрнини инобатга олган ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича имтиёзлар бериш, қонун ҳужжатларини либераллаштириш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши лозим. Хусусан,
Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги оилавий тадбиркорликни амалга ошириш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги оилавий тадбиркорлик субъектлари уч нафаргача доимий ишчини ёллаб, улар билан меҳнат шартномаси тузишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Бироқ, амалиётда ушбу чеклов оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиши, шу билан бирга ёлланма ишчиларни меҳнат шартномаси тузмаган ҳолда иш билан таъминлашда, натижада сунъий ишсизликнинг ошиши учун замин яратади.
Шу боис, юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги оилавий тадбиркорлик субъектларига 5-10 нафаргача доимий ишчини ёллаб, улар билан меҳнат шартномаси тузиш ҳуқуқини бериш мақсадга мувофиқ.
Хусусан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 ноябрдаги 707-сонли қарорига кўра якка тартибдаги тадбиркорларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган фаолият турлари бўйича беш нафаргача ходимларни ёллаш ҳуқуқи берилди.
“Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига кўра оила бошлиғи, унинг хотини (эри), болалари ва набиралари, ота-онаси, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари (болалари ва набираларининг эрлари (хотинлари), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эрлари (хотинлари) ҳамда болалари, тоға ва амаки ҳамда амма ва холалари) оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин. Фақат муомалага лаёқатли шахслар оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин.
Мазкур нормага оилавий корхона иштирокчиси сифатида тижорат ташкилотини, агар унинг устав капитали тўлиқ оила аъзоларининг бири ёки бир нечтасига тегишли бўлса, киритиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек мазкур модданинг иккинчи қисмидаги бир оилавий корхона иштирокчиси бир вақтнинг ўзида бошқа оилавий корхона иштирокчиси бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги чекловни чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.
Масалан: Армения Солиқ кодексининг 267-моддасига кўра оилавий тадбиркорлик субъекти сифатида тижорат ташкилотлари ҳам иштирок этишлари мумкин. Қолаверса Армениянинг “Корхоналарнинг давлат регистри тўғрисида”ги Қонунинга кўра оилавий корхоналар ўзларининг маблағларини бошқа корхоналар фаолияти учун киритиши, бошқа корхоналар (қўшма, чет эл корхоналари) аъзоси бўлиш ҳуқуқларига эга.
Шунингдек, жахон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, “оилавий корхона” атамасига таъриф беришда келгусида вужудга келиши мумкин бўлган “бизнес-сулолалари” учун ҳам ҳуқуқий асос яратишга эътибор қаратиш лозим.
Шу ўринда, оилавий корхоналар томонидан акциялар сотиб олиш, чиқариш, “оилавий акционерлик компаниялари” тушунчаларини қонунчилик ҳужжатларида ёритиш лозим.
Масалан: “оилавий корхона” деб номланиши учун Финляндияда – акцияларнинг 50% бир оила вакилларида сақланган бўлиши, Америка ва Германияда акцияларнинг 25% оила аъзоларида сақланиб қолган бўлиши лозим.
Қишлоқ жойлари, чекка ҳудудларда оилавий тадбиркорлик орқали туризм, ҳизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш соҳаларини ривожлантириш мақсадида вақтинча имтиёзлар берувчи қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш орқали қўшимча иш ўринларини яратиш ва оилаларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш мақсадга мувофиқ.
Гулжамол Шукурова,
Бизнес-омбудсман девони масъул ходими