16-Oktabr, 2025-yil

Текширувлар қонунийлиги – бизнес ривожининг кафолати: назорат органлари ходимларининг малакаси оширилмоқда

 

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувлар ва асоссиз текширувлар ҳамон долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Бундай салбий ҳолатлар, ўз-ўзидан маълумки, мамлакатимизда бизнес муҳитининг ривожланишига тўсқинлик қилади.

 

Текширувларнинг қонунийлиги мониторинги натижасида аниқланган қонунбузилишлар юзасидан ўтган 9 ой давомида 860 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиши тизимдаги айрим ноқонуний ҳаракатларга чек қўйиш заруриятини кўрсатиб турибди.

 

Айнан шу ноқонуний текширувларни камайтириш, назорат жараёнларида қонунийликни таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида назорат қилувчи органларнинг текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномага эга ходимларининг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Жорий йилнинг 16 октябрь куни Тошкент шаҳрида Бизнес-омбудсман девони томонидан назорат қилувчи органлар ходимлари учун навбатдаги малака ошириш курси ташкил этилди. Унда 41 та назорат органидан 250 дан ортиқ ходим иштирок этди.

 

Курс давомида иштирокчиларга текшириш жараёнларини қонуний тартибда олиб бориш, тадбиркорларнинг ҳуқуқларига қатъий риоя қилиш, текшириш ўтказишда ваколатли органларни хабардор қилиш тартиби, шунингдек, мониторинг ва жамоатчилик назоратини таъминлаш, профилактик чора-тадбирларни самарали ўтказиш каби муҳим мавзулар юзасидан батафсил тушунчалар берилди.

 

Қайд этиш жоиз, давлат назоратини амалга оширишда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш мақсадида ўтган давр мобайнида назорат органларининг 14 605 нафар мансабдор шахси иштирокида жами 318 та ўқув семинарлари ўтказилган. Бу, ўз навбатида, тизимда қонунийликни мустаҳкамлаш ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларнинг узвий қисмидир.

 

Ушбу ўқув семинарларини мунтазам ўтказиб бориш назорат органлари ходимларининг билим ва малакасини ошириб, тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг кескин камайишига, пировардида эса бизнес муҳитининг янада яхшиланишига хизмат қилади.

Шавкат Мирзиёв

Ўзбекистон Республикаси Президенти

“Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳаракати орқага қайтариб бўлмайдиган катта кучга айланди. Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи”

Text to speech
Звуковое сопровождение