
Пекин шаҳрида нуфузли “Глобал аёллар саммити” бўлиб ўтди. Ушбу саммит гендер тенглиги йўлидаги глобал саъй-ҳаракатларни муҳокама қилиш учун муҳим минбар ҳисобланади.
Тадбирда 100 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлардан делегатлар иштирок этди.
Саммитни очиб берган Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзиньпин ҳам ўз нутқида аёллар тараққиётини қўллаб-қувватлаш бутун халқаро ҳамжамият зиммасидаги умумий масъулият эканини таъкидлади ҳамда аёлларни инсоният цивилизациясининг муҳим яратувчиси ва давомчиси эканини эътироф этди.
Глобал аёллар саммитида Ўзбекистон делегацияси раҳбари З.Махкамова сўзга чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида "Инсон қадри" тамойили асосида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини қайд этди ҳамда аёлларнинг рақамли технологиялар, "яшил" иқтисодиёт ва STEM соҳаларидаги иштирокини кенгайтириш, аёл тадбиркорлар учун минтақавий ва халқаро платформалар яратиш, уларнинг стартаплари ҳамда иқлимга мос инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, STEM йўналишида халқаро грант ва стипендия дастурларини ривожлантириш каби муҳим ташаббусларни илгари сурди.