29 апреля 2025 г.

2025 йил 1 майдан нималар ўзгаради?

2025 йил 1 майдан кучга кирадиган қонунчилигимиздаги тадбиркорликка оид асосий ўзгаришлар нималардан иборат?

 

Солиқ текширувлари бўйича ўзгаришлар

Маълумки, умумий тартибда текширувлар ҳақида тадбиркорлар 10 кун олдин хабардор этилиши лозим.

Эндиликда мазкур қоидага яна бир истисно киритилди. 2025 йил 1 майдан бошлаб «Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш» автоматлаштирилган дастури натижаларига асосан солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳолатлари бўйича ўтказиладиган солиқ текширувларига текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиш талаби татбиқ этилмайди.

 

Кичикдан каттага: тадбиркорлик учун янги имкониятлар

Кичик ва ўрта бизнес субъектларининг йириклашувини рағбатлантириш мақсадида янги тизим жорий этилмоқда:

"ўзини ўзи банд қилган шахс→ якка тартибдаги тадбиркор → кичик бизнес → ўрта бизнес → йирик бизнес"

Имтиёзлар йириклашувга қараб катталашаверади.

 

Аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш

«Hamroh» тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида хотин-қизларимизга бир қатор имкониятлар берила бошлайди.

Яъни «яшил лойиҳалар» ва IT соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишига, шунингдек, камида 5 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмаклашган 1 минг нафар «устоз» тадбиркорларга 50 миллион сўмгача грант ажратиш йўлга қўйилади.

Ижобий кредит тарихига эга бўлган хотин-қизларга 100 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.

Аёл тадбиркорлар томонидан кредит ҳисобидан сотиб олинаётган асбоб-ускуналар етказиб берилгунга қадар «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан кафиллик тақдим этилиши йўлга қўйилади.

 

Экологияни муҳофаза қилиш учун чекловлар жорий қилинади

2025 йил 1 майдан бошлаб Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида атроф-муҳитга зарар етказувчи янги лойиҳаларга рухсат берилмайди (асбест, цемент ишлаб чиқариш, фильтрсиз кўмир ёқиш, қора ва рангли металлургия заводлари ва бир қатор бошқа йўналишлар шулар жумласидандир).

 

Қуруқ сут импортига чеклов олинди

2025 йил 1 майдан эътиборан чет элдан республика ҳудудига қуруқ сут олиб киришга қўйилган чеклов бекор қилинади.

 

Уй-жой коммунал хўжалиги назоратида молиявий фаолиятга аралашиш тақиқланди

Тадбиркор ва қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари ўртасида шартнома тузилган бўлса, тадбиркорларнинг қурилиш объектларида қисқа муддатли давлат қурилиш назорати тадбирлари шартнома шартлари доирасида амалга оширилади ва «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилмайди.

Инспекцияга кўп квартирали уйларни бошқариш ва сақлаш қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш жараёнида хўжалик юритувчи субъектларнинг молиялаштириш манбаларидан қатъи назар молия-хўжалик фаолиятига аралашиш қатъиян тақиқланади.

 

Лимончиликка кенг йўл: имтиёзли кредитлар старт олади

Лимончилик тармоғини ривожлантириш учун 2025 йил 1 майдан бошлаб лидер тадбиркор ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида лимон етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш харажатларини молиялаштириш учун белгиланган шартларда имтиёзли кредитлар ажратилади.

 

IT компаниялари учун қулайлик: солиқ юки енгиллаштирилди

Креатив парк резидентларига 2025 йил 1 майдан бошлаб 2031 йил 1 январгача бўлган муддатга қуйидаги солиқ имтиёзлари жорий этилади:

 ижтимоий солиқни ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 50 фоиз камайтирилган ставкада тўлаш;

резидентларни товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади миқдоридан қатъи назар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар тоифасига киритиш. Бунда резидентлар ўз истагига биноан умумбелгиланган солиқ солиш тартибига ўтишлари мумкин.

 

"Ҳалол" тамғаси янгича талабларга жавоб беради

2025 йил 1 майдан мазкур қарор ҳамда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти (SMIIC) стандартлари талаблари асосида сертификатлаштирилган маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» белгиси билан тамғалашга рухсат этилади.

Касимов Дилмурод Султанмуратович

Уполномоченный

Развитие любой экономики зависит от развития частной собственности, предпринимательства и частного сектора.

Text to speech
Звуковое сопровождение