
Куни кеча, 23 апрель куни Зомин туманида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган «Жиззах – 2025» халқаро бизнес-форуми бошланди.
Бизнес-омбудсман девони вакиллари иштирок этган мазкур
нуфузли тадбирда мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг фаол
кўмаги билан 30 дан ортиқ етакчи ҳамкор давлатлардан қарийб 300 нафар йирик
компанияларнинг раҳбарлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида аккредитациядан ўтган
дипломатик корпус вакиллари ҳам қатнашмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар сўнгги йилларда
Ўзбекистонда амалга оширилаётган очиқ ва изчил инвестиция сиёсати мамлакат
иқтисодиётининг барқарор ўсишига замин яратганини алоҳида қайд этишди.
Рақамлар ҳам буни яққол тасдиқлайди: 2024 йилда ялпи ички
маҳсулот 6,5 фоизга ўсиб, 115 миллиард АҚШ долларига етди. Хорижий
инвестициялар ҳажми эса 1,6 баробарга ошиб, қарийб 35 миллиард долларни ташкил
этди. Шунингдек, умумий қиймати 10 миллиард долларга тенг бўлган 242 та йирик
ва ўрта лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Мамлакатимизнинг экспорт кўрсаткичлари ҳам
илк бор 27 миллиард долларлик маррага етди.
Халқаро бизнес-форум бугун, 24 апрель куни ҳам давом
этмоқда.