Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда фаолиятини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бу борада жойларда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, уларни янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таништириш ва долзарб муаммоларига ечим топиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, Самарқанд вилоятида транспорт соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбирда вилоят транспорт бошқармаси раҳбари соҳада тадбиркорликни бошлаш ва юритиш учун яратилган қулай имкониятларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Наманган вилоятида эса агросаноат мажмуи устидан назорат қилувчи инспекция ташаббуси билан туман раҳбарлари ва ходимлари иштирокида ўқув-семинар бўлиб ўтди. Семинарда Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони, вилоят Адлия бошқармаси ҳамда Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармаси вакиллари қатнашди.
Фарғона ва Тошкент вилоятларида ҳам “Тадбиркорларнинг тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларидан хабардорлигини ошириш” мавзусида ўқув-семинарлари ташкил этилди. Ушбу тадбирларда соҳа йўналишида қабул қилинган қарор ва фармонлар иштирокчилар томонидан фаол муҳокама қилинди.
Шунингдек, Хоразм вилоятида Вакил девони, вилоят ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, Савдо-саноат палатаси ва "Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази" ДМнинг Хоразм филиали масъуллари иштирокида маҳаллий тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтираётган ва янги лойиҳалар билан кириб келаётган ишбилармонлар билан яқиндан суҳбат ўтказилди.
Мазкур тадбирларнинг асосий мақсади тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва уларга киритилган ўзгаришларни тушунтириш, шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларига олиб келиши мумкин бўлган камчиликларни бартараф этишдан иборат.